Click to listen highlighted text!

спорт – соғлиқ гарови

Тошкент шахар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши  Давлат байроғига эҳтиром сифатида “спорт – соғлиқ гарови” шиори остида мусобақа бўлиб ўтди

Давлат рамзлари мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Улар халқимизнинг шон-шарафи, тарихи ва қадриятларини ўзида мужассам этиб, ҳар бир юртдошимизга ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Байроғимизга назар солганимизда руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.

Буюк аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, кўз қорачиғидек асраганлар. Байроқ аждодларимиз учун куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган.

Мустақил Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига танилишида спортнинг жадал ривожланаётгани ҳамда спортчиларимизнинг муваффақиятлари муҳим ўрин тутмоқда. Турли спорт мусобақаларида ғолибликка эришганлар шарафига юрт байроғи баланд кўтарилмоқда. Байроқ эса ҳар спортчи учун куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсолидир.

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан божхона институтида спортнинг стол тенниси, югуриш ва турникда тортилиш турлари бўйича мусобақа ташкил этилди.

Божхона органлари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тайёргарлигини янада ошириш ва уларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда иштирок этган ходимлар спортнинг  стол тенниси, югуриш ва турникда тортилиш турлари бўйича қизғин кечган мусобақаларда фаол иштирок этишди. Мусобақа ғолиблари Давлат божхона қўмитаси ҳамда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мутасаддилари томонидан I, II, III даражали дипломлар, ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди. Тадбир давомида сўз олган ДБҚ раиси маслаҳатчиси, Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Ҳабибулла Азизов республикамизда жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини ислоҳ қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланганлигини таъкидлади.

Шу боис, қўмита раҳбарияти томонидан “бешта муҳим ташаббус” ва “Янги Ўзбекистон — Янги дунёқараш” шиори остида шахсий таркибнинг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш ҳамда оммавий спортни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир ходимнинг соғлом овқатланиши ва жисмоний фаоллик маданиятини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари рағбатлантирилганлиги ва бу мақсадларда уларга барча шароитлар яратилганлиги айтиб ўтилди.

Айниқса, божхоначиларнинг касаба уюшмалари сафига аъзо бўлиб кириши уларнинг иш фаолиятига, турмуш тарзи, оилавий ҳаётига ўзгача бир мазмун бағишлаганига алоҳида тўхталди. Ҳ.Азизов томонидан Давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ўртасида имзоланган тармоқ келишуви доирасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги алоҳида эътироф этилди.

Бўлиб ўтган мусобақа давомида Давлат божхона қўмитаси тизимида хизмат қилаётган ходимлар спорт билан қай даражада яқин эканликлари яққол сезилди. Улардаги интизом, шижоат ва спортга бўлган меҳр барчамизни лол қолдирди. Бундай тадбирларни мунтазам уюштириш мақсадида божхона органлари мутасаддилари билан ҳам ўзаро келишиб олдик, дея таъкидлади тадбирда сўз олган Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши масъул ходими Равшан Махмадалиев.

Нотиқ мусобақа қатнашчилари ва Божхона институти шахсий таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурултойига табриги моҳияти, айниқса аҳолини оммавий тарзда жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида устувор вазифалар моҳиятини батафсил тушунтирди.

Шунингдек, божхона ходимлари Ўзбекистон касаба уюшма Федерацияси ва тармоқ касаба уюшмаси республика кенгаши ташаббуси билан республика миқёсидаги спорт мусобақаларига жалб этилиши белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 30 октябрдаги
ПФ-6099 сон Фармони жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш, бу борада тегишли инфратузилма ва бошқа зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.

Мазкур фармонга биноан давлат органлари ва ташкилотларида технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларга ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффуслар белгиланади.

2021 йил 1 январдан барча давлат органлари ва ташкилотларида ҳар шанба соат 14:00 дан кейин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, армрестлинг, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади. Бунда, мусобақалар байрамона руҳда, «шоу» кўринишида ўтказилишига, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилишига алоҳида эътибор қаратилади.

 

 

Print Friendly, PDF & Email

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам:

Click to listen highlighted text!