Click to listen highlighted text!

Актуал саволлар

Узоқ муддат давомида касалланувчиларни кўриб аниқлаш учун тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) га юборилиш тартиби

“Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномаларни бериш тартиби” тўғрисидаги Йўриқномасига (19.01.2000 й. № 873) биноан амбулатор-поликлиника даволаши чоғида шифокор 5 календарь кунигача меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бир ўзи ёзиб бериш ҳуқуқига эга.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси муддатини 5 календарь кунидан ортиққа узайтириш даволовчи шифокор томонидан бўлим мудири билан ҳамкорликда ҳар сафар 10 кундан ортиқ бўлмаган муддатга, у бўлмаган ҳолларда эса кўрсатилган муддат доираларида шифокорлик-маслаҳат комиссияси раиси билан биргаликда бемор соғайгунга ёки ТМЭКка юборилгунига қадар амалга оширилади.
Узоқ муддат давомида касалланувчилар, бунга сил касаллиги билан оғриганлар кирмайди, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бошланган кундан бошлаб 3 ойдан кечиктирмай ёки вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бошланган кундан бошлаб 4 ойдан кечиктирмай, умуман олганда, айнан бир касаллик ёки бир-бирига ўхшаш касалликлар чоғида сўнгги 12 ой мобайнида кўриб аниқлаш учун тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК)га юбориладилар.
Нохуш клиник ва меҳнат прогнозига эга беморлар ногиронлик аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда меҳнатга лаёқатсизликнинг исталган даврида ТМЭКка кўриб аниқлаш учун юбориладилар.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки маълумотнома муддатининг узайтирилиши бемор ТМЭКка юборилган кундан эътиборан тўхтатилади.
Ногирон деб топилмаган, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсиз бўлиб ҳисобланган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси муддатининг кейинчалик узайтирилиши ДПМ шифокорлари томонидан 2 (икки) ойдан ортиқ бўлмаган муддатга амалга оширилади.
ТМЭКда меҳнатга лаёқатли ёки учинчи гуруҳ ногирони деб тан олинган шахслар учун ТМЭКдан ўтиш даври меҳнатга лаёқатсизлик варақасида ёки маълумотномада ШМК орқали ҳисобга олинади.
Print Friendly, PDF & Email

Ходим розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартириш тартиби

Меҳнат кодексининг 89-моддасига биноан иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлидир.
Иш берувчи айрим тоифадаги ходимлар учун меҳнат шартларини ўзгартириш хусусида корхонадаги ходимларнинг вакиллик органлари билан олдиндан маслаҳатлашиб олади.
Иш берувчи меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб тилхат олиши шарт. Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.
Ходим билан меҳнат шартномаси у янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилиниши мумкин, бунда ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади.
Кўпчилик ходимлар гуруҳи учун меҳнат шартлари ноқулай тарзда ўзгарган тақдирда, иш берувчи маҳаллий меҳнат органига бундай ўзгартиришларнинг сабаби ҳақида маълумот бериши шарт.
Ходим иш берувчи томонидан меҳнат шартлари ўзгартирилганлиги устидан судга шикоят қилишга ҳақли. Низони кўриш вақтида иш берувчининг зиммасига аввалги меҳнат шартларини сақлаб қолиш имконияти йўқлигини исботлаб бериш мажбурияти юклатилади.
Print Friendly, PDF & Email
Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!