28 апрель – Бутунжаҳон меҳнат муҳофазаси куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан кенг кўламли маънавий-маърифий ва амалий тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, жорий йилда “Соғлом психологик-ижтимоий иш муҳитини таъминлайлик” мавзусидаги илмий-амалий семинар ҳамда анъанавий “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” юзасидан республика кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур танловда Тошкент шаҳар ҳудудидаги бошланғич ташкилотлар фаол иштирок этиб, ўз йўналишларида юқори кўрсаткичларни қайд этдилар.
Тўртта йўналишни қамраб олган ушбу танлов соҳаси вакилларининг йил давомида барча ишларининг сарҳисобинии аниқлаб беради.
• “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши ташкилот”
• “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши касаба уюшма қўмитаси”
• “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши вакил”
• “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши ёш мутахассис” номинациялари бўйича ташкилотлар муносиб тақдирландилар.
Тадбир давомида соғлом иш муҳитини яратиш, иш жойларида хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ғолибликни қўлга киритган корхона ва ташкилотлар нафақат ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, балки ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш борасида ҳам намуна бўлаётганликлари эътироф этилди.
Бу каби тадбирлар соҳа ходимларининг хавфсиз меҳнат шароитларига бўлган масъулиятини янада оширишга ва жамоаларда ижтимоий-психологик муҳитни яхшилашга хизмат қилади.